Мамлакатимизда сўнги йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва қўллаб қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ривожланган мамлакатлар иқтисодининг асосини кичик ва ўрта бизнес вакиллари ташкил этиши ушбу доирадаги тадбиркорларнинг қанчалик даражада муҳим эканлигини белгилаб берди.
Сўнгги вақтларда давлатимиз божхона ҳудудида импорт товарларини олиб кириш билан боғлиқ муаммоларнинг аксарият кўпчилик қисми айнан кичик ва ўрта қатлам тадбиркорларига бир қанча қийинчиликлар туғдирмоқда.
Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда 2025 йил 28 июлдаги 470-сонли Ҳукумат қарори билан тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун ташқи савдо операцияларини амалга ошириш борасида қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, божхона органлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасидаги низоларни тезкор кўриб чиқиш ва адолатли ҳал этишнинг самарали тизимини жорий этиш, божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Тадбиркорлик фаолияти субектларининг божхона соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тавсиялар берувчи апелляция кенгаши ташкил этилди ва кенгаш тўғрисида низом тасдиқланди.
Апелляция кенгаши тадбиркорлик субъектларининг божхона соҳасидаги муаммоларини мустақил аниқлаб, уларни бартараф этиш учун тавсиялар ишлаб чиқади, тадбиркорларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёни билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқиб ҳал этади. Кенгаш, шунингдек, тадбиркорларнинг мурожаатларига оид таклиф ва тавсиялардан иборат хулосалар тайёрлаши мумкин бўлади. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг тадбиркорлик фаолияти субъектларининг божхона соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тавсиялар берувчи идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.
Низом билан кенгашнинг асосий вазифалари белгиланди ва қуйидагилар ҳисобланди:
1) тадбиркорларнинг божхона соҳасидаги муаммоларини ўрганиб бориш ва ҳал этиш чораларини кўриш;
2) тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш;
3) божхона божлари бўйича берилган имтиёзларни тўғри қўллаш ва товарларнинг божхона қийматини белгилаш, шунингдек, божхона соҳасидаги Ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш борасида божхона органларига услубий ёрдам кўрсатиш;
4) иқтисодиёт тармоқлари ва йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан нарх калькуляцияси ҳақидаги маълумотларга асосан товарларнинг божхона қийматини белгилаш бўйича тавсиявий хулосалар бериш;
5) божхона божлари бўйича берилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш борасида тадбиркорлар ва божхона органлари ўртасида юзага келган низолар юзасидан божхона органларига тавсиявий хулосалар бериш;
6) божхона соҳаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича божхона органларига услубий ёрдам кўрсатиш.
Шунингдек Кенгашга давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан зарур маълумотларни сўраб олиш, мавзуларни кўриб чиқишда мустақил эксперт ва мутахассисларни жалб этиш ва тадбиркорларнинг мурожаатларига оид таклиф ва тавсиялардан иборат хулосалар тайёрлаш каби ҳуқуқлар берилди.
Кенгаш 15 кишидан кам бўлмаган тоқ сондаги аъзодан иборат таркибда тузилади. Таркибга раис, унинг ўринбосари, котиб ва кенгаш аъзолари киради. Улар давлат органлари, илмий жамоатчилик ва бизнес ҳамжамияти вакилларидан иборат бўлади. Хулосалар ёзма шаклда расмийлаштирилади ва барча қатнашчилар томонидан имзоланади. Алоҳида фикр бўлса, ёзма шаклда билдирилиб, иш материалларига илова қилинади.
Апелляция кенгашининг хулосалари тавсиявий характергаэга. Бундай хулосани олган божхона органи 3 иш куни ичида уни бажариш тўғрисида ёки уни рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабар бериши шарт.
Апелляция кенгаши фаолиятининг молиялаштирилиши Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчиликка зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.