1. Иш ҳақи қисман сақланадиган таътил – муросага асосланган имконият
Бу турдаги таътил ходимга унинг иш ҳақининг бир қисми сақланган ҳолда берилади. Бундай таътил:
► жамоа келишуви,
►жамоа шартномаси,
►ёки меҳнат шартномаси орқали назарда тутилади.
Бундай таътилнинг неча кунгача берилиши, қанча иш ҳақи сақланиши, шунингдек, бу таътилнинг иш стажига қўшилиши ёки қўшилмаслиги аниқ ва ёзма равишда шартнома ёки келишувларда кўрсатилади.
Эътибор беринг: Қисман сақланадиган иш ҳақи ҳеч қачон меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Агар давлат миқёсида иш ҳақи миқдори ошса, ходимнинг қисман сақланадиган иш ҳақи ҳам қайта ҳисобланади.
2. Иш ҳақи сақланмайдиган таътил – вақтинча танаффус, лекин иш ўрни сақланади
Бундай таътилда ходимга ҳақ тўланмайди, аммо иш жойи сақланиб қолади. Бу турдаги таътил:
►ходимнинг ёзма аризаси асосида,
►иш берувчи билан келишилган ҳолда,
►12 ой давомида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Агар фавқулодда ҳолатлар (карантин, хавфли табиий офатлар ва ҳоказо) юз берса, ушбу муддат 6 ойгача узайтирилиши мумкин.
3. Ҳуқуқий кафолат: Ходим талаб қилган тақдирда мажбурий тарзда бериладиган таътиллар
Айрим ҳолатларда иш ҳақи сақланмайдиган таътил ходимнинг аризасига биноан мажбурий тартибда берилиши шарт. Жумладан:
►1941–1945 йиллар уруш қатнашчилари ва тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили 14 кунгача;
►I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – ҳар йили 14 кунгача;
►икки ёшдан уч ёшгача болани парваришлаётган ота-она ёки васийларга;
►ўн икки ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ бола, ёки ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онага – ҳар йили 14 кунгача;
бошқа ҳолатлар, агар қонунчилик ёки меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлса.
Таътил олиш бу – ходимнинг ҳуқуқи, иш берувчининг марҳамати эмас. Иш ҳақи қисман ёки тўлиқ сақланмайдиган таътиллар орқали шахсий ҳаёт ва иш ўртасидаги мувозанатни сақлаш мумкин. Аммо бу ҳуқуқлардан фойдаланиш учун ҳар бир ходим:
►меҳнат шартномаси билан таниш бўлиши,
►жамоа келишувлари ва иш жойи ички ҳужжатларини билиши,
► зарурат туғилганда ҳуқуқий маслаҳат сўраши керак.