Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Сурхондарёда аёллар кооперативи фаолиятига старт берилди

  • 15.06.2026
  • 28 марта ўқилди

Адлия вазирлиги ташаббуси билан камбағалликни қисқартиришнинг ҳуқуқий механизмларини амалиётга жорий этиш, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш ҳамда хотин-қизларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган кооперация модели ўзининг илк самараларини намоён этмоқда.

 

Жорий йилнинг 13 июнь куни Сурхондарё вилояти Денов туманида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган “Dilorom COOP” аёллар кооперативининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Джурабаев иштирок этиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва даромад манбаларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
Шунингдек, тадбирда “Мадад” ННТ ижрочи директори Шакир Саидов иштирок этиб, кооператив фаолиятини ривожлантириш, ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

 

Тадбир доирасида Адлия вазирлиги ва “Мадад” ННТ мутахассислари томонидан иштирокчиларга тадбиркорлик фаолиятини қонуний ташкил этиш, бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш, шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш, интеллектуал мулк объектлари ва товар белгиларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва амалий кўмаклар кўрсатилди.

Мазкур кооператив маҳаллий хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
“Dilorom COOP” — ҳуқуқий кўмак ва иқтисодий имкониятларни уйғунлаштирган ҳолда хотин-қизларнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим қадамдир

Chat