Таъкидланишича, «Ақлли туман» платформаси тумандаги муаммоларни таҳлил қилиш, тезкор аниқлаш ва ҳал этиш учун мўлжалланган. Тумандаги барча маҳалла вакиллари билан онлайн алоқада бўлиш ва мавжуд вазиятдан доимий хабардор бўлиш имконияти яратилган.
«Бу ерда ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинги олиб борилади, аҳоли мурожаатларининг ижроси назорат қилинади, фавқулодда вазиятларда эса тегишли хизматлар фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштириш таъминланади», дейилади хабарда.
Платформа таркибига «Хавфсиз ҳудуд» тизими киради. У ҳуқуқбузарликларни кузатиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилади.
Тадбиркорлик субъектларининг рақамли харитаси сунъий интеллект асосида солиқ тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини ошириш имконини беради. Сунъий интеллектга асосланган яна бир тизим — AI Davomat мактабларда дарсларни асоссиз қолдиришни кузатиш ва назоратсизликнинг олдини олиш учун мўлжалланган.
Маълум қилинишича, бундай платформалар Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ишга туширилган. Президент янги тизимни пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берди.
Вилоят ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар, хавфсизлик ва солиқ идоралари раҳбарлари Мирзо Улуғбек туманига бориб, бу тажрибани ўрганиши зарурлиги таъкидланди.