Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Wakil AI” платформасидан фойдаланиш бўйича тренинг ўтказилди

  • 12.03.2026
  • 93 марта ўқилди

«Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотида замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ва ҳуқуқий хизматлар сифатини ошириш мақсадида Wakil AI платформасидан фойдаланиш бўйича амалий тренинг ташкил этилди.

Тренинг давомида платформа мутахассислари томонидан ушбу тизимнинг имкониятлари, ундан самарали фойдаланиш усуллари ҳамда ҳуқуқий фаолиятда сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Маълум қилинишича, Wakil AI – бу сунъий интеллект асосида ишловчи замонавий ҳуқуқий платформа бўлиб, фойдаланувчиларга қонунчилик бўйича саволларга тезкор жавоб олиш, ҳуқуқий маълумотларни излаш ҳамда ҳужжатлар билан ишлаш жараёнларини соддалаштириш имконини беради. Платформа Ўзбекистон қонунчилиги асосида ишлайди ва фойдаланувчиларга ҳуқуқий масалалар бўйича тез ва қулай ахборот олиш имконини яратади.

Тренинг жараёнида ташкилот ходимлари платформанинг қуйидаги имкониятлари билан таништирилди:

  • ҳуқуқий саволларга сунъий интеллект орқали тезкор жавоб олиш;

  • қонунчилик ҳужжатларини тезкор излаш;

  • ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш ва улардан самарали фойдаланиш;

  • ҳуқуқий фаолиятда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш.

Мазкур тренинг "Мадад" ННТ ходимларининг рақамли саводхонлигини ошириш, фуқароларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам сифатини янада яхшилаш ҳамда замонавий технологияларни ҳуқуқий хизматлар соҳасига жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

«Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти келгусида ҳам ҳуқуқий хизматлар самарадорлигини ошириш мақсадида инновацион ва рақамли платформалардан фойдаланишни давом эттиради.

Chat