“Ҳудудларда саноатни жадал ривожлантириш ва саноат корхоналарини экспортга жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-295, 04.10.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025–2026 йилларда ҳудудларда саноатни ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
♦ республика саноатида ҳудудий саноатнинг улушини 45 фоизга етказиш;
♦ ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳаларини амалга ошириш орқали саноатда технологик маҳсулотлар улушини 25 фоизга етказиш ва 3,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;
♦ ҳар бир туман ва шаҳарларда 5 тагача саноат “ўсиш нуқтаси”ни ривожлантириш.
2026 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар:
♦ ишчиларининг ўртача иш ҳақи миқдори ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган мазкур қарорнинг 4-иловасига мувофиқ маҳаллий саноат корхоналарининг ишчиларни ташиш ва овқатлантириш билан боғлиқ харажатларидан ҳар бир ишчи ходим учун бир ойда бир базавий ҳисоблаш миқдоригача бўлган қисми ижтимоий солиқ базасидан чиқариб ташланади;
♦ ўз эҳтиёжи учун гипс хомашёсини қазиб чиқарувчи ва ундан тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга гипс олиш учун белгиланган ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланади.