“Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–1087-сон, 04.10.2025 й.) қабул қилинди.
Қонун, давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Давлат мудофаа буюртмаси – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш учун давлат буюртмаси ҳисобланади.
Давлат мудофаа буюртмасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
▪️ мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар даражасидан, замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, тасдиқлаш ва бажариш;
▪️ буюртмачиларни ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан ўз вақтида ҳамда кафолатли тарзда қуроллантириш ва таъминлаш;
▪️ давлат мудофаа буюртмаси учун ажратилган молиявий ресурслардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш.
Давлат мудофаа буюртмасининг лойиҳаси Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади.
Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган давлат мудофаа буюртмаси навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олинади.