1 июлдан бошлаб қуйидаги ўзгаришлар ва янгиликлар амалга оширилиши кўзда тутилган:
Пенсия ва нафақалар оширилади
Пенсия ва нафақа миқдорлари, шунингдек, болалар нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга ажратиладиган моддий ёрдам 10% га оширилади. Шу билан бирга қуйидагилар белгиланди:
- ёш бўйича пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 918 минг сўм;
- ногиронлик бўйича пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 1 миллион 12 минг сўм;
- кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ойига: 3 ёшгача бўлган ҳар бир кичик бола учун – 360 минг сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун – 275 минг сўм, иккинчи бола учун қўшимча – 165 минг сўм, учинчи ва ундан кейинги ҳар бир бола учун – 110 минг сўм;
- 3 ёшгача бўлган ҳар бир кичик бола учун – 360 минг сўм,
- 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун – 275 минг сўм,
- иккинчи бола учун қўшимча – 165 минг сўм,
- учинчи ва ундан кейинги ҳар бир бола учун – 110 минг сўм;
- кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам – ойига 420 минг сўм;
- пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 471 минг сўм.
Пенсия тайинлашнинг янги тартиби
Фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларини проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади. У қуйидагиларни назарда тутади:
- I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланган фуқароларга алоҳида мурожаатсиз пенсия тайинлаш;
- кўриш бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлганлар ҳамда ядровий полигонлар ва бошқа радиацион объектларда хизмат қилганларга электрон маълумот алмашуви орқали компенсация тайинлаш;
- ногиронлик бўйича пенсия тайинланганидан сўнг камида 1 йиллик меҳнат стажи мавжуд бўлса, пенсия ҳар икки йилда қайта ҳисобланади.
Шифокорларга устама жорий этилади
Барча давлат тиббиёт муассасаларида мураккаб ва хавфли даволаш тадбирларини амалга ошираётган шифокорларга 25% дан 100% гача ойлик иш ҳақига устама тўлаш тартиби жорий қилинади. Устама миқдори касалликнинг оғирлиги ва даволаш мураккаблигига боғлиқ бўлади.
Ногиронларга солиқ имтиёзлари проактив тарзда берилади
Қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари ногиронлиги бўлган шахсларга улар мурожаат қилмасдан, проактив шаклда қўлланилади.
Ветеринария ва фитосанитарияда муҳр ва тамғалар бекор қилинади
Ветеринария ва фитосанитария соҳасидаги ташқи савдо юкларига оид ҳужжатларга муҳр, тамға қўйиш ва ёзма рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади. Барча тартиб-таомиллар электрон тарзда амалга оширилади.
Давлат чегарасини кесиб ўтаётган машиналар учун мажбурий суғурта
Чегарани кесиб ўтаётган автотранспорт воситалари учун фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси мажбурий қилинади. Бунда:
- суғурта полиси божхона ахборот тизимлари орқали расмийлаштирилади;
- хорижда рўйхатдан ўтган транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви суғурта полиси мавжуд бўлганда амалга оширилади.
Тадбиркорлик учун шарт-шароитлар яхшиланади
2028 йил 1 январгача кичик ва ўрта бизнес субъектларига янги мажбуриятлар юклаши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий жорий этилади.
Янги қоидалар учун "ягона санада кучга кириш" принципи жорий қилинади – улар фақат 1 январ ёки 1 июл санасидан кучга киради.
Шунингдек, "Биринчи имконият" принципи жорий этилади: кичик тадбиркорлар фаолиятининг биринчи йилида содир этган биринчи маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликдан озод этилади.
Давлат функциялари хусусий секторга ўтказилади
Қуйидаги функциялар хусусий секторга берилади:
- риэлтор ва баҳоловчилар учун малакалик имтиҳонлар ўтказиш ва сертификат бериш;
- суд бошқарувчиси малакалик аттестатини бериш;
- баҳоловчиларга тоифа бериш;
- ҳисоблагичларни текшириш;
- карантиндаги маҳсулотларни дезинфекция қилиш (фумигация);
- гид, гид-таржимон, экскурсовод ва йўлбошловчиларга малакалик сертификати бериш;
- тиббиёт ташкилотларини аккредитация қилиш ва бошқалар.
Ҳиссадорларни ҳимоя қилиш чоралари
Қурилишда иштирок этиш асосида фуқаролар маблағларини жалб қилиш нотариал тасдиқланган ва кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилган шартнома асосида амалга оширилади.
ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинади
Йўловчи ташиш хизматлари учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича амалдаги имтиёз бекор қилинади.
Болалар боғчаларида электрон назорат тизими
Барча давлат мактабгача таълим муассасаларида “Болалар боғчаси” ахборот тизими орқали тарбияланувчилар ва ходимларнинг электрон давомати, иш вақти ва овқатланиш харажатлари юритилади.