Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда “Пиёда” мақоми жорий этилиши мумкин

  • 19.06.2025
  • 25 марта ўқилди
Ўзбекистонда пиёдага “маълум мақом” бериш таклифи илгари сурилди


Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси пиёдаларга ёшга қараб алоҳида мақом беришни назарда тутувчи қонунчилик таклифини ишлаб чиққан.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг масъул ходими Фазлиддин Тошкенбоевнинг айтишича, халқаро амалиётда пиёда учун махсус мақом бериш тажрибаси йўқ.


«Мактабни битириб, битирувчи мақомини олиш учун аттестат керак, институтини тугатиб бакалавр бўлиш учун диплом керак, фуқаро бўлиш учун — паспорт. Нега пиёда учун ҳам мақом бермаслик керак? Ахир уларнинг ҳам жавобгарлиги бор. Бундай нарса хорижий амалиётда ҳам йўқ», — деди у.


 Унинг таъкидлашича, болалар билан боғлиқ кўпгина ЙТҲлар улар назоратсиз қолгани учун юз беради.


«Биз кўп ҳолларда ҳайдовчиларни чақириб, қоидабузарлик ёки ЙТҲлар юзасидан улар билан профилактик суҳбатлар олиб борамиз. Лекин пиёда сифатида ҳаракатланувчилар билан ҳеч ким ишламайди. Биз пиёда мақомини жорий этишни таклиф қиляпмиз. Масалан, ташкилотларда ишлайдиган фуқаролар пиёда ҳаракатланса, уларнинг иш жойи ана шу ходимлар билан огоҳлантириш ишларини олиб бориши ва ўз масъулиятини ҳис қилиши керак. Мактабда ўқувчи бўлган пиёдаларга — мактаб маъмурияти, боғча ёшидаги ёки маҳаллада яшовчи болаларга — ота-она масъул бўлади. Мана шуни кўзлаб лойиҳа ишлаб чиқилган», — деди у.


 Лойиҳага кўра, пиёда мақоми ёшга қараб қуйидагича белгиланиши мумкин:

♦ 3–6 ёш — «Катталар кузатувидаги пиёда»
♦ 7–11 ёш — «Бола-пиёда»
♦ 12–17 ёш — «Ўсмир-пиёда»
♦ 17 ёш ва ундан катталар — «Пиёда»

Chat