Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 47 марта ўқилди

“Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–46-сон, 25.03.2026 й.) қабул қилинди.


“Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади

Фармонга кўра, қуйидагилар 2026–2030 йилларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасининг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:

♦ атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш;

♦ атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ва чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилишини таъминлаш.

♦ PM2,5 бўйича миллий меъёрлардан ошиш кузатилган кунлар сонини камайтириш.

Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия фаолияти 2027 йил 1 мартгача узайтирилади.

Комиссиянинг номи Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика махсус комиссиясига ўзгартирилади.

⛔️ 2026 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил қилишга муддатсиз мораторий жорий қилинади.

Қурилиш соҳасида экологик талаблар кучайтирилади

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июндан:

♦ қурилиш объектларида қуйидаги экологик талабларни жорий қилиш мажбуриятлари киритилади:

➖ қурилиш объектларини фон мониторинг станциялари билан жиҳозлаш ва Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш;

➖ онлайн назорат қилиш учун қурилиш майдони бўйлаб ва чиқиш нуқталарида онлайн камералар ўрнатиш ва Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш;

➖ ҳуқуқбузарлик содир этган қурилиш ташкилотларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги рейтинг балларини камайтириш амалиётини жорий қилиш;

♦ қурилиш объектлари бўйича лойиҳа-смета ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда мажбурий равишда экологик экспертиза хулосасини тақдим этиш тартиби жорий қилинади;

♦ янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 метр квадратдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 30 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди.

 “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилади 

Фармонга кўра, 2026 йил 1 майдан ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун”, “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилади. Бунда:

⛔️ мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;

ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.

✅ 2026 йил 1 августдан “trade-in” дастури доирасида эскирган автотранспортларни топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини харид қилиш учун автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади.

2026 йил якунига қадар “Экологик транспорт” тизими доирасида Тошкент шаҳрининг ҳудуди “қизил”, “сариқ” ва “яшил” зоналарига ажратиб чиқилиши таъминланади.

2026 йил 1 апрелдан чанг бўронларининг олдини олиш учун Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида “яшил девор”лар барпо этиш бошланади.

Chat