Шрифт ўлчами
Кўриниш
"Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тартиби тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами: 3699, 11.11.2025 й.) Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низом "Янги Ўзбекистон манзаралари", "Буюк алломалар" ва “Замон қаҳрамонлари” каби туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, туркум ижодий асарларнинг мавзу ва йўналишлари тўғрисида ҳар йили январь ойининг 10-санасигача ОАВларда эълон берилади.
Эълон қилинган мавзу ва йўналишлар бўйича ижодкорларнинг лойиҳа таклифлари ҳар йили февраль ойининг 5-санасигача қабул қилинади.
Давлат буюртмаси этиб тасдиқланган ижодий лойиҳаларнинг муаллифлари билан ижодий асарни яратиш бўйича шартнома тузилади.
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академиясининг веб-сайтида ижодкорлар тақдим этган барча лойиҳа таклифлари, ушбу лойиҳа таклифларини кўриб чиқиш ҳолати ҳамда улар юзасидан қабул қилинган қарорлар очиқ эълон қилиб борилади.
Яратилган ижодий асарлар Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондига тақдим қилинади ҳамда ижодкорларга маблағлар (муаллифлик ҳақи) тўлаб берилади.