Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4990 марта ўқилди

Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати узайтирилди

Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин етмиш йил давомида амал қилади, агарда қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Муаллифнинг вафотидан сўнг 70 йил давомида муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари меросхўр(лар)ига ўтади.

Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари мерос бўйича ўтади.

Ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.

Тахаллус остида ёки имзосиз қонуний ошкор қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар ошкор қилинганидан кейин эллик йил давомида амал қилади. Агар кўрсатилган муддат ичида тахаллус остидаги ёки имзосиз асар муаллифи ўз шахсини маълум қилса ёки бундан буён унинг шахси шубҳага ўрин қолдирмаса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлар қўлланилади.

  • Муаллифнинг вафотидан кейин биринчи марта эълон қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар эълон қилинганидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.
  • Муаллифлик ҳуқуқи, муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ ва муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи муддатсиз муҳофаза қилинади.

Асарга Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ муҳофаза берилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати ушбу моддага биноан белгиланади. Лекин бу муддат асар келиб чиққан мамлакатда белгиланган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатидан ошиб кетмаслиги керак.

Муаллифнинг мулкий ҳуқуқларига қуйдагилар киради:
  • такрорлаш ҳуқуқи;
  • тарқатиш ҳуқуқи;
  • барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи;
  • прокатга бериш ҳуқуқи;
  • импорт қилиш ҳуқуқи;
  • кабель орқали юбориш ҳуқуқи;
  • қайта ишлаш ҳуқуқи;
  • омма олдида намойиш этиш ҳуқуқи;
  • омма олдида ижро этиш ҳуқуқи;
  • эфирга узатиш ҳуқуқи;
  • таржима қилиш ҳуқуқи;
  • барчанинг эътиборига такроран юбориш ҳуқуқи;
  • ҳақ олиш ҳуқуқи ва бошқалар.

Асарларга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатининг тугаши уларнинг ижтимоий мулкка айланишини билдиради. Ижтимоий мулк бўлган асарлардан ҳар қандай шахс муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин. Бунда муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларига риоя этилиши керак.

Chat