Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6647 марта ўқилди

Мева-сабзавот етиштирувчилар имтиёзли кредит билан таъминланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги (2021-йил 15-декабрдаги ПҚ-52) қарори қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2022-йил 1 январдан:

  • фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга — мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли, мойли ва шоли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади.
  • мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга — етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойлик «револьвер» кредит ажратилади. Бунда, ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан олинган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.
  • «маҳалла еттилиги»нинг тавсиясига асосан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ҳамда электрон онлайн-аукцион савдолари орқали деҳқон хўжалиги юритиш учун ер майдонларини ижарага олган ёшларга — мини-техника, уруғ ва кўчат хариди учун йиллик 14 фоиз ставкада (шундан 2 фоизи банк маржаси), 6 ойлик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 100 миллион сўмгача кредитлар ажратилади.

Кўзда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Жамғармага 1,4 трлн сўм бюджет ссудаси ажратилади.

Белгилансинки, 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

  • мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига — экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Бунда, суғурта пули хавф-хатардан суғурта қилинаётган ҳосил қийматининг 70 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас;
  • мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) — хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади. Бунда, мева-сабзавотчилик кластерларига ўзига бириктирилган маҳсулот етиштирувчилар учун боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш тавсия этилади.
Chat